Бугун мамлакатимиз тиббиёти тизимида кенг кўламли, агар таъбир жоиз бўлса, тарихий ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бу орқали соғлиқни сақлаш соҳасини энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш ва соҳага янги бошқарув тамойилларини жорий қилиш, пировардида эса халқимиз розилигига эришиш асосий мақсад қилинган.
Бу жараёнда Президентнинг шу йил 19-майдаги «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ва унинг ижросига йўналтирилган қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Хўш, олти банддан иборат бўлган Фармондан кўзланган асосий мақсад-муддао нималардан иборат?
Биринчи мақсад — халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш.
Маълумки, бу борада халқаро миқёсда катта тажриба тўпланган бўлиб, ундан самарали фойдаланиш биз учун айни муддаодир.
Иккинчи мақсад — бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, хусусан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббиёт пунктлари фаолиятини ягона ёндашув асосида ташкил қилиш орқали аҳолига тиббиётни янада яқинлаштириш.
Соҳанинг халққа яқинлаштирилиши одамларнинг тизимдан розилигини янада кучайтириши кундай равшан ҳақиқат.
Учинчи мақсад — аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш.
Ҳозирги пайтда бу борадаги кўрсаткич унчалик мақтанарли бўлмагани боис ушбу мақсадни ҳар қанча олқишласак арзийди.
Тўртинчи мақсад — соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали ходимлар иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш.
Биласиз, яқингача кўплаб ходимларнинг вақти қоғозбозлик юмушларига кетиб қолаётган эди. Тизимда рақамлаштириш бошлангач, ушбу масалага ўз-ўзидан ечим топилмоқда. Жараёнлар шу тарзда давом этадиган бўлсак, янги маррани забт этиш ҳам қийин кечмайди, назаримизда.
Бешинчи мақсад — аҳолининг бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан розилиги даражасини 85 фоиздан ошириш.
Табиийки, бунга эришиш осон бўлмайди. Чунки, айни чоғда бу борадаги кўрсаткич унчалик юқори эмас. Аммо ислоҳотлар шиддатига қараб, буни ҳам рўёбга чиқариш мумкинлигига ишонасан, киши.
Олтинчи мақсад — тиббиёт ходимларини самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичи асосида моддий рағбатлантириш тизимини жорий қилиш.
Гап шундаки, қаерда соғлом рағбатлантириш тизими йўлга қўйилса, ўша ерда интилишлар кузатилади ва ютуқлар бот-бот қўлга киритилаверади.
Еттинчи мақсад — тиббиёт бригадалари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш.
Сир эмас, бугун ҳар қандай ислоҳот истиқболини билимли ва малакали кадрлар ҳал қилади. Шу маънода, бу масалага эътибор янада оширилаётгани айни муддао бўлган.
Кўриниб турибдики, Фармонда улкан ва эзгу мақсадлар кўзда тутилган. Уларнинг ҳаммасини бирлаштириб турган жиҳат эса — одамлар розилигига эришиш. Ишонамизки, барча вазифалар муваффақиятли ижро қилинади ва халқимизнинг тиббиётдан розилиги янада ошади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.