Вояга етмаган қизни мунтазам зўрлаб келган 32 ёшли Аброр Козубаев жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Зокиржон Қўзибоев хабар берди.
Қайд этилишича, 5 нафар боланинг отаси бўлган 32 ёшли эркак қонуний хотини бўла туриб, бошқа бир эркак билан расмий никоҳи бекор қилинмаган аёлни ўзига иккинчи хотин қилиб олган. Бундан ташқари, у иккинчи хотинининг вояга етмаган (11 яшар) қизини ҳам мунтазам зўрлаб келган.Вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий жиноят содир этган А.К рад этиб бўлмас далиллар билан қўлга олинган.
Маълум қилинишича, Аброр Козубаевга оид жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2024-йил 27-декабрдаги ҳукми билан Аброр Козубаев Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 2-қисми билан айблаш эпизоди бўйича ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли айбсиз деб топилиб, оқланган.
У Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисми, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 25,119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тайинланган жазонинг 1 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргач, Аброр Козубаевдан жабрланувчи М.А. фойдасига жиноят оқибатида етказилган 254,6 млн сўм моддий зарарни ундириш назарда тутилган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2025-йил 17-апрелдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Аброр Козубаевга оид қисми ўзгартирилган. Яъни унинг ҳаракатларидан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш жинояти ҳамда ушбу жиноят бўйича тайинланган жазо чиқарилган. Шу тариқа, Аброр Козубаевга жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.