Жорий йил 5-май куни Тошкентдаги Бўрижар каналида бўлган машъум воқеа ҳаммамизни чуқур қайғуга солганди. Яккасарой туманида яшовчи икки нафар қизалоқ каналга тушиб кетди. Буни кўрган мард ва жасур ватандошимиз Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаб, норасидалар ҳаётини сақлаб қолди. Лекин, афсуски, бахтсиз ҳодиса рўй берди – бу эзгулик йўлида унинг ўзи қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Маълум бўлишича, бу фидойилик бежиз эмас – Абдуманноп Самиқов ҳамиша одамларга яхшилик қиладиган, эл корига ярайдиган ватанпарвар инсон эди. Давлатимиз раҳбари бу жасорат тарихини юрагига яқин олиб, аввало, марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди. Бугун ҳурматли Президентимиз марҳум Абдуманноп Самиқовни «Жасорат» медали билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Шунингдек, қизалоқларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган «Бўрижар» спорт мажмуаси ишчиси Нурмуҳаммад Мамасалиев ҳам «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Бу мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ватан қаҳрамонларига ҳурмат кўрсатиш борасидаги эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Кучли ва меҳр-оқибатли жамиятда инсонийлик ҳеч қачон унутилмайди.