Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ва Россиянинг «Диви» кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган «Ўзбекистон. Ғалабага йўл» номли тарихий-бадиий ҳужжатли филм премераси 2025-йил 8-май куни «Россия Култура» телеканалида 18:15 да, 9-май куни эса «Севимли» телеканалида ўзбек тилида 16:20 да намойиш этилади.
Мазкур филм Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг инсонпарварлиги, бағрикенглиги ва жасоратини ёритади. Асар орқали уруш йилларида ўзбек халқининг бошига тушган машаққатлар, фронт ортидаги фидокорлик, эвакуация қилинган миллионлаб одамларни қабул қилгани, хусусан, 15 нафар етим болани асраб олган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи мисолида чин инсонпарварлик тараннум этилади.
Филмнинг асосий саҳналари Тошкентдаги Хотира ва қадрлаш майдони, Шоаҳмад Шомаҳмудовлар ёдгорлиги ва Ғалаба боғида тасвирга олинган. Ҳужжатли филм Россия, Европа ва Ўзбекистон санъаткорлари ҳамда тарихчилари иштирокида суратга олинган. Унда Ўзбекистонга эвакуация қилинганларнинг ҳаёти, уларни қабул қилган меҳрибон оилалар, фронтдаги жасорат ва урушдан кейинги йилларда кўрсатилган халқаро ҳамжиҳатлик ёритилган.
Бешта қисқача бўлимдан иборат филм урушнинг гуманитар ва маданий жиҳатларига тўхталади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, урушда ҳалок бўлган 500 минг юртдошимиз — бу шунчаки рақам эмас, балки бутун халқимиз қалбидаги оғриқдир.
Филм уруш даҳшатлари фонида Ўзбекистон халқининг меҳр-оқибат ва бирдамлик руҳини яна бир бор ёдга солади.