Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Бугун Олий Мажлисга ва кўпмиллатли халқимизга келгуси йил учун Мурожаатномани тақдим этар эканман, аввало, барчангизни соғ-саломат, кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.

Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатларини, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Қадрли ватандошлар!

Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда сизлар билан ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз.

Қанчалик оғир бўлмасин, бошлаган демократик ислоҳотларимизни қатъий давом эттирганимиз; халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати; ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтирганимиз; одамларимизнинг онги ва дунёқарашини ўзгартириб, эл-юртимизни янада жипслаштирганимиз; тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати; ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсатимиз ҳисобига 2025-йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришдик.

Аввало, жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этаётганини қайд этиш лозим.

Бу натижалар дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда.

Глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгараётган бир пайтда биз бу йил экспортимизни 23 фоизга ошириб, 33,4 миллиард долларга етказамиз. Энг муҳими, ислоҳотларимиз учун мустаҳкам молиявий база бўладиган олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.

Бу йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини «ББ -»дан «ББ» поғонасига кўтарди.

Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди. Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига камида 300 миллион долларга камаяди.

Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди.

Аҳоли фаровонлиги ва бизнесни ўстиришга хизмат қиладиган инфратузилмани янада яхшилаш бўйича ҳам 2025-йил катта ўзгаришлар йили бўлди. Хусусан, энергетика соҳасида туб бурилиш ясаганимиз ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажмини 85 миллиард киловатт-соатга етказдик.

Тасаввур қилинг, 2017-йилдаги 60 миллиард киловатт-соат генерация даражасида қолиб кетганимизда, ҳозир иқтисодиётимиз ҳажмини 2 карра ошира олармидик? Ишлаб чиқаришнинг ўсиб бораётган талабини, 38 миллион аҳоли эҳтиёжини қоплаб бўлармиди?

Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Ёки 867 та «оғир» маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб борди.

Жорий йилда аҳолига 8 миллион 100 минг квадрат метрли, 135 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилмоқда, одамларнинг ўзи ҳам яшаш шароитини яхшилаш учун 19 миллион квадрат метр майдонда қурилиш қилди. Бизнес вакиллари томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар-жой обектлари барпо этилди.

Умуман, сўнгги тўққиз йилда 210 миллион квадрат метрли турар-жой ва нотурар-жой обектлари фойдаланишга топширилди.

Бу рақамларга урғу бериб айтаётганим албатта бежиз эмас. Агар йўл, сув, электр ва бошқа инфратузилмалар учун зарур маблағни топиб бермаганимизда, қурувчилар ва қурилиш материаллари корхоналари учун шароит яратиб бермаганимизда, ипотека тизимини йўлга қўймаганимизда, шунча бунёдкорлик ишлари бўлармиди?

Жорий йилда 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айланди.

Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб, 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизимини жорий этдик.

Таъкидлаш керакки, юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.

Бир эсланг, бу ишларни бошлаганимизда аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги «еттилик»нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026-йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик.

Энг муҳим ютуқларимиз ҳақида сўз юритганда, азму шижоатли спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ғалабаларини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.

Аввало, Ўзбекистон футболи учун 2025-йил чинакам тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Моҳир шахматчиларимиз Жаҳон кубоги мусобақаларида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров энг ёш жаҳон кубоги соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлайди.

Энг муҳими, шахмат оламидаги ютуқларимиз шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Ўтган ҳафтада 9-17 ёшли шахматчилар ўртасида «рапид» ва «блис» йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Бу йилги Ёшлар Параосиё ўйинларида жасорат ва матонат соҳиби бўлган спортчиларимиз 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 та бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.

Ҳеч шубҳасиз, истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.

Эл-юртимизнинг фахри бўлган бундай фарзандларимизга, уларнинг ота-оналари ва устоз-мураббийларига яна бир бор чин дилдан таҳсин айтамиз.

Маълумки, Ўзбекистон келгуси йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027-йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029-йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.

Шу билан бирга, 2026-йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникумлари ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилади. Ушбу мусобақаларда ҳам фарзандларимиз муносиб иштирок этади, деб ишонаман.

Бундай нуфузли тадбирлар Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.

Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда. Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси; ЮНEСКО Бош конференциясининг сессияси; «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилдик.

Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда «Абадий дўстлик тўғрисида»ги декларация қабул қилинди.

Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида биз интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғоясини илгари сурдик. Озарбайжонни Марказий Осиё ҳамжамияти форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ва барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.

Шу билан бирга, октябр ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Ўтган ҳафтада Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришдик. Шу ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорлигимизнинг долзарб йўналишларини белгилаб берди.

Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан – Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз.

Муҳтарам йиғилиш иштирокчилари!

Бундан икки йил олдин «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қабул қилганимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030-йилгача 160 миллиард долларга етказишни белгилаб олган эдик. Кўриб турибсизлар, мавжуд салоҳиятимиз, бугунги ислоҳотларимиз, тадбиркорларимизнинг фаоллиги, хорижий шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз ўсиб бораётгани ҳисобига бу маррага 2026-йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз.

Ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали касб эгалари ва мутахассислар, замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим. Агар биз саноатда – электроника ва электротехника, биокимё ва полимерлар, фармацевтика, машинасозлик каби юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш; хизматларда – ИТ, сунъий интеллект, финтех, консалтинг, транспорт-логистика каби катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш; қишлоқ хўжалигида – унумдорликни ошириш учун биоинженериядан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш; иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун «яшил» энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш; таълим ва тиббиётда – сифатни янги босқичга олиб чиқадиган илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш учун янги технологияларни олиб кирсак, кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрласак, келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга барча имкониятларимиз бор.

Бу рақамлар аниқ ва пухта ҳисоб-китобларга асосланган прогноз. Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли экспертларнинг хулосалари ҳам буни тасдиқламоқда.

Ҳурматли юртдошлар!

Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз.

Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз.

Ҳар йили аҳолимиз ўртача 2 фоизга ўсмоқда, 1 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз катта ҳаётга кириб келмоқда. Ёшларимизга қараб, улар эришаётган ютуқларни кўриб, кўксимиз тоғдек кўтарилади, қандай улкан бунёдкор куч сафимизга қўшилаётганидан ғурурланиб кетамиз.

Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта.

Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда инсоний ва ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради.

Барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлган маҳаллага, шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт аввало ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.

Албатта, биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим ва зарур.

Донишманд боболаримизнинг «Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар», деган ҳикматли мақоли бор.

Чиндан ҳам, қаранг, кимки бирлашди – ҳаётда ўзди, ғалабага эришди. Кимки бирлашмади – тўзиб, йўқ бўлиб кетди.

Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.

Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2026-йилни юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб эълон қилишни таклиф этаман.

Қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат.

Янги йилнинг номида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастурини қабул қиламиз. Ушбу дастурда юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини албатта топади. Бу ҳақда мен кейинроқ батафсил тўхталиб ўтаман.

Олдимизга қўйган мақсадларни фақат ўзимиз – катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийларимиз, опа-сингилларимиз, серғайрат ёшларимиз, зиёлиларимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз, Ватан посбонлари, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз.

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади. Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш.

Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак. Шунинг учун, кириб келаётган 2026-йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.

Энди Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026-йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Биринчи устувор йўналиш – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.

Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради. Шу боис маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали биз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш борасидаги ишларни давом эттирамиз.

Ҳозирги вақтда қайсидир маҳаллада йўл, қайси бирида сув ёки электр масаласи, бошқасида боғча, мактаб, тиббиёт, яна бирида уй-жой билан боғлиқ масалаларга алоҳида-алоҳида ечим берилмоқда. Очиқ айтиш керак, бунинг ўзи билан маҳалладаги барча масалаларни тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Шунинг учун келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.

Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, улардаги ҳамма маҳаллада барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратамиз. Бу янги тажрибани Ургут туманидан бошладик. Туманда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади. Келгуси йил 544 миллиард сўм ажратилиб, 72 та боғча, мактаб, поликлиника, шунингдек, ички йўллар қурилади ва таъмирланади, каналлар бетон билан қопланади, 2 та сел-сув омбори барпо этилади.

Танлаб олинган 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳалладаги ишлар ҳам шундай ташкил қилинади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.

Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан беряпмиз. Бу борада «яшил ҳудуд», «яшил боғ» яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирамиз. Бундай ёндашув орқали 2030-йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз.

Албатта, бу ишларни самарали ташкил қилиш учун туман бюджети даромадларини камида 2 карра кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарур. Шу мақсадда, 2026-йил 1-январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади.

Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.

Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади. Бу орқали туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.

Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига беряпмиз. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади.

Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади.

Бу – бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади.

Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотларни бошлаймиз. Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонларни белгилаймиз ва шу орқали экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади.

Масалан, аҳолиси 250 минг кишидан зиёд шаҳарлар ҳозиргидек тартибсиз кенгайиб кетаверса, 2050-йилга бориб 27 минг гектар экин майдонлари бой берилади. Албатта, бунга йўл қўйиш мумкин эмас.

Шунингдек, республикамизда илк бор 45 та агломерация ҳудудини белгилаймиз. Келгуси йилда «Барқарор шаҳар» платформасини ишга тушириб, «яшаш учун қулайлик индекси»ни юритиш йўлга қўйилади. Бу индекс орқали шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланиб, уларга мос ечимлар берилади.

Биз камбағалликни қисқартириш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирдик. Такрор айтаман, ўтган даврда 8,5 миллиондан зиёд аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришдик.

Асосий мақсадимиз – одамларимизни доимий даромадли қилишдан иборат. Пули бор одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, мазмунли дам олишга, бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади.

Муҳими, бу жараёнда тадбиркорларимиз ҳал қилувчи куч сифатида энг олдинги сафда туриб, саноат ва сервис обектларини ташкил қилиб, доимий иш ўрни яратишда, аҳолимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касбга ўргатиб, маҳаллаларнинг ўзида ишли ва даромадли қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Шунинг учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсатимизни давом эттириб, 2026-йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдирамиз; тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади; кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2026-йилда «маҳаллада саноат ва хизмат» лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади. Бунинг учун ҳам бюджетдан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини ишли қилиш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026-йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.

Янги йилда маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиб, бунга 1 триллион сўм йўналтирамиз. Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борамиз.

Ана шундай ишларимиз туфайли 2026-йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оилани камбағалликдан чиқарамиз, камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга туширамиз, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказамиз.

Қадрли ватандошлар!

Иккинчи устувор йўналишимиз – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдан иборат.

Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш – келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт.

Масалан, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқларни ривожлантирганимиз ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришдик. Биргина шунинг ўзи яна 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконини берди.

Бу мисол шуни кўрсатадики, қаерда янги технология ва юқори малакали касб эгалари бўлса, ўша тармоқда ўсиш, ривожланиш бўлмоқда.

Шу боис 2030-йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдир. Бу – келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиямизнинг асосий йўналиши бўлади.

Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор – Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда. Масалан, биз тўққиз йилда барча иқтисодиёт тармоқларига 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция олиб келдик. Жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорларимиз билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестициявий келишувларга эришдик.

Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар ва уларнинг трансфери; ташқи бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга; энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга; маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши керак. Яъни, юқори технология ва янги компетенциялар олиб кирган, экспорт учун ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади.

Бундай стратегик инвесторларга лойиҳа учун ерлар бозор қийматида тўғридан тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади. Ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш учун инвесторлар идорама-идора юрмайди. Уларга «ягона дарча» тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган «инвест.гов.уз» электрон платформаси ишга туширилади ва барча вазирликлар бунга уланади.

Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендларини жалб қиламиз. Ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади. Улар учун махсус – имтиёзли инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади ва халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилади.

Буларнинг барчаси – келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобидан 1 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Юртимизга инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича ҳам жуда катта режаларимиз бор. Шунинг учун ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш, сармояларни қисқа фурсатда жалб қилиш ва уларнинг самарадорлигига масъул, фақат ва фақат инвестиция билан ишлайдиган алоҳида янги тизим ташкил этилади.

Бундан ташқари, маҳаллий саноат ва кооперацияни ривожлантириш бўйича ҳам худди шундай алоҳида тизимни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Умуман, иқтисодиётни рақобатдош қилиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш, саноат тармоқларини технологик трансформация қилиш мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади.

Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастурини бошлаймиз. Бунда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказишни (ўсиш 1,6 баробар); юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар оширишни марра сифатида белгилаймиз. Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026-йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади.

Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувват ишга туширилади. Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа (3-навбати) ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030-йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.

Яна бир йирик лойиҳа – Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади.

«Самарқанд кимё» заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қашқадарёда 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланади.

Умуман, 2026-йилда кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик; тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида – 3 миллиард доллардан; электротехникада – 2 миллиард долларлик; фармацевтикада – 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади. Шу тариқа 2026-йилда жами экспортимизни 40 миллиард долларга етказиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улушини 55 фоиздан оширамиз.

Келгуси йили иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда. Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва таннарх бўйича қаттиқ ишланса, бу кўрсаткични янада ошириш учун барча имкониятлар бор.

Шу боис саноатда «Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш» дастурини бошлаймиз. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича алоҳида лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳага халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар кредит ва грант жалб қилиниб, саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар олиб келинади; бизнес жараёнлари рақамлаштирилади; энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича аудитлар ўтказилади; илғор технологиялар трансфер қилинади.

Бу борада «Тўртинчи саноат инқилоби маркази» ташкил этилади. Марказ негизида робототехника, интернет буюмлари, «ақлли» фабрика каби «Индустрия 4.0» ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун «тартибга солиш механизми» яратилади. Бунда корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.

Аккредитация, метрология ва стандартлаштириш соҳаларидаги ислоҳотларимиз натижасида Ўзбекистон «Глобал сифат инфратузилмаси» индексида сўнгги икки йилда 15 поғона юқорилаб, 185 та давлат ичида 52-ўринга кўтарилди.

Бу албатта яхши. Шу билан бирга, маҳсулотларимиз рақобатдошлигини янада ошириш учун техник тартибга солиш соҳасини янги босқичга олиб чиқамиз. Бунинг учун «Давлат назорати» тизимидан халқаро тажрибада юқори самара берган «Бозор назорати» тизимига ўтамиз. Шунингдек, инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарни рағбатлантирамиз. Улар шундай маҳсулотни ўтган йилга нисбатан оширса, кўпайган маҳсулот ҳажми қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия берилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.

Ана шундай ислоҳотлар орқали келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлиги ҳозирги 16,5 минг доллардан 30 минг долларга етказилади; 1 минг долларлик қўшилган қиймат яратишга кетадиган энергия сарфи 1,5 баробар камайтирилади.

Бу йил ИТ, финтех, сунъий интеллект каби йўналишлардаги маҳаллий стартапларга хориждан 270 миллион доллар инвестиция жалб қилдик. Кейинги йилдан «Рақамли стартаплар» дастурини кенгайтириб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизимни йўлга қўямиз. Бунда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олийгоҳларнинг ўзида қоладиган маблағларнинг 10 фоизи ҳам инкубация марказларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Марказий банкда Финтех офиси ва Инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб қилинади. Бу орқали йилига 20-30 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш, уларга жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш имконияти яратилади.

Умуман, венчур фондлар, стартаплар, финтех каби янги молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, бу соҳадаги барча иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан кафолатлаб қўйиш зарур. Бунинг учун парламентимиз ҳукумат билан биргаликда «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини 1-мартгача ишлаб чиқса, айни муддао бўлади.

Бу йил мамлакатимизда ИТ хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларни ташкил этди. Биз 2030-йилга бориб, ИТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олганмиз. Шу боис жаҳон бозорида рақобатдошликни ошириш учун Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этдик, ИТ инфратузилмасига инвестиция киритиш учун қатор имтиёзлар бердик.

Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та «Дата марказ», 2 та супер-компютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу – тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда минглаб иқтидорли ёшларимиз ИТ ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бормоқда. Уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади. Осиё тараққиёт банки буни қўллаб-қувватлаб, 200 миллион доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.

Сунъий интеллект билан ёнма-ён юрадиган космик соҳадаги тадқиқотларни ривожлантириш, йўлдошли алоқа технологияларини жорий этиш борасида ҳам катта қадамлар ташладик. Бу борада 2028-йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказишга пухта тайёргарлик кўряпмиз.

Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Бу – Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради, деб ишонаман.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Маълумки, ишлаб чиқариш ҳам, истеъмол ҳам барқарор ўсиши учун узоқ муддатли маблағ зарур. Шу боис капитал бозорини иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгилаб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб киришимиз керак. Бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш лозим.

Курс тебраниши бўйича хатарларни камайтириш учун маҳаллий компанияларга ички бозорда ҳам хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилади.

Келгуси йили корхоналаримиз илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириши мумкин бўлади.

Умуман, капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилади.

2026-йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳам туб бурилишни амалга оширамиз. Кўрган чора-тадбирларимиз натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45-50 фоиздан 28 фоизга пасайтиришга эришдик. Лекин бу ҳали дастлабки қадамлар, холос.

Бу борадаги ишларни кучайтириш учун алоҳида дастур қабул қилдик. 2026-йилда барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади; солиқ, божхона, санитария-эпидемиология назорати, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда «боди-камера»дан фойдаланиш мажбурий бўлади.

«Соя»даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилади.

Умуман, дастур дои