Бугунги дунёда геосиёсий зиддият кескин тус олган бир пайтда, Ўзбекистон очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсат юритиб, барча минтақа ва етакчи мамлакатлар билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаб бормоқда. Бу жараёнда Европадаги муҳим сиёсий ва иқтисодий мавқега эга бўлган Италия билан муносабатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг кутилаётган расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириши кутилмоқда.
Италия — Европадаги ҳамкор
Италия Ўзбекистон учун Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида «яшил» энергетика, кимё, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармасевтика, таълим ва туризм соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Италия — Марказий Осиё мулоқоти доимий равишда фаоллашиб бораётгани ҳам икки томонлама алоқаларнинг кенгайиб бораётганидан далолат беради. Турин политехника ва Пиза университетларининг Тошкентдаги филиаллари, етакчи олий таълим муассасалари форуми, Рим ва Виареджода ташкил этилган «Ўзбекистон маданияти кунлари» бунга ёрқин мисолдир.
Муносабатлар ривожининг иккинчи босқичи
Ўзбекистон ва Италия муносабатларини шартли равишда икки босқичга ажратиш мумкин. Биринчи босқич — 1992-йилда Италия Ўзбекистон мустақиллигини тан олганидан сўнг шаклланган дастлабки дипломатик алоқалардир. 1998-йилда Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси очилди, кейинчалик Милан, Флоренция, Тоскана, Лигурия ва Умбрияда фахрий консулликлар ташкил этилди.
Иккинчи босқич — 2023-йилдан бошланган юқори даражадаги фаол сиёсий мулоқотлардир. Шавкат Мирзиёевнинг 2023-йилда Италияга расмий ташрифи, ўша йилнинг ноябрида Президент Серджо Маттарелланинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи, шунингдек, парламентлараро, ҳудудлараро ва вазирликлар даражасидаги ҳамкорлик механизмлари фаоллашди.
Институсионал ва маданий алоқалар
1999-йилдан бери савдо-иқтисодий, саноат кооперацияси ва экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. 1998-йилда ташкил этилган «Ўзбекистон-Италия» дўстлик жамияти, 2005-йилда Италия парламенти ташаббуси билан ташкил этилган дўстлик ва ҳамкорлик ассоциацияси, 2011-йилдан иш бошлаган парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи муносабатлар институсионаллашганидан далолат беради.
Маданий алоқалар ҳам чуқурлашиб бормоқда: 2023-йил Флоренцияда Мирзо Улуғбек маданий-маърифий маркази очилди, Песарода «Ўзбекистон маданияти ҳафталиги» ўтказилди. Шу йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 502,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. «Тошкент–Милан» авиақатнови йўлга қўйилди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик
Икки мамлакат ўртасидаги янги йўналишлардан бири — ҳудудлараро ҳамкорлик ва саноат кооперациясидир. Жумладан, 2025-йилда Италиянинг Режжо-Эмиля вилоятидаги компания ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Чуст туманида базалт хомашёсини қайта ишлаш асосида иссиқлик изолясияси материаллари ишлаб чиқариш бўйича инвестисия лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа «Гамма Меccаниcа СпА» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Бу лойиҳа нафақат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муҳим технологияларни жорий этиш, балки маҳаллий ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ҳам ошириш имконини беради.
Янги имкониятлар эшиги
Жоржа Мелонининг ташрифи нафақат икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши, балки уларни янги босқичга кўтариш, инвестисиявий ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, таълим ва технологиялар соҳасидаги имкониятларни амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ўзбекистон учун бу ташриф Европа билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш, хорижий сармоядорлар учун янги шароитлар яратиш, бизнес муҳитини такомиллаштириш имконини беради. Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорларнинг Италия бозорларига чиқиши учун замин яратади.
ЖЎРАЕВ САЙФИДДИН АХМАТОВИЧ
Тошкент давлат шарқшунослик университети Шарқ мамлакатлари сиёсати ва халқаро мунособатлар кафедраси профессори, сиёсий фанлар доктори