«Сўнги қўнғироқ» куни мактаблардан бирининг ҳовлисида ЙПХ ходими бир йигитни қувиб юргани тасвирланган видео тарқалди. Ўшанда йигит мактаб ўқувчиси экани ҳақида ҳам айтилган эди. Таъкидлаш лозим, мазкур видео қайта ишланган бўлиб, унга кулгили мусиқа ҳам қўйилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 24-майида Қўнғирот туманидаги 37-сон мактаби олдида юз берган.

Ўша куни жамоат тартибини сақлаш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида хизматга жалб этилган ЙПХ инспектори С.П Дамас автомашинаси ҳайдовчисига болаланинг ҳаётига хавф солиб, ниҳоятда тез ва бошқарув вақтида қўл телефонидан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиб келгани учун тўхташ ишорасини беради.

Ҳайдовчига қоидабузарлик ҳолатини тушунтириб, тегишли ҳужжатларини сўраган вақтда 2005-йилда туғилган йигит (мактаб ўқувчиси эмас) ҳужжатларини тақдим этолмайди. Чунки у ҳали ҳайдовчилик ҳуқуқига эга эмас бўлиб, акасига тегишли автомашинани бошқариб юрган эди.

«Ходим ўзини шубҳали тутган ҳайдовчини наркотик модда ёки спитли ичимлик таъсирида эканини, руҳий касаллиги бор-йўқлигини текшириш учун уни нима қилиб бўлмасин тўхтатиши керак эди. Бундай одам бошқалар учун қанчалик хавфли эканини, менимча, ҳамма кўрган», дея воқеага изоҳ берди ЙҲХХ Ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев.

Шунингдек, Йўлдошев «Милиция тағолар ҳарбий тайёргарликни чойхонада ўтказаётган кўринади» сарлавҳали хабарни тармоққа жойлаган ва тарқатганларни ЙПХ ходимлари жанговар тайёргарликни қандай ошираётганини кўришга таклиф этган.

Аниқлик киритилишича, 1979-йилда йилда туғилган ходим ўша куни 20 ёшли йигитни 30 сония ичида ушлашга муваффақ бўлган.

«Шунингдек, мазкур видеони тасвирга олган ва ва ички ишлар ходимини обрўсизлантириш мақсадида тасвирга қайта ишлов бериб, тарқатганларга МжтКнинг 195-моддаси 2-қисми тартибида БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача жарима солиш ёки 10 суткагача маъмурий қамоққа олиш учун суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади муносабатда.