Ижтимоий тармоқларда Бирлашган Араб Амирликлари аэропортларида ўнлаб ўзбекистонликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сабабсиз ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган хорижликларнинг, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетаётган ҳолатларни алоҳида мониторинг қилиб бормоқдамиз. 

Айни пайтда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда. 

БАА томони маълумотларига кўра, мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли аэропортларда текширув вақтлари чўзилиб кетмоқда. 

Ҳозирда фуқароларимизни тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган.