9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, хотира маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари анъанага кўра «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди ва урушда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Иккинчи жаҳон урушида 2 миллионга яқин ўзбекистонлик жангчилардан 540 минг нафари ҳалок бўлган, 214 мингга яқини орден ва медаллар билан мукофотланган. Уруш йилларида Ўзбекистон 1,5 миллион кўчирилган инсон, жумладан, 250 минг етим болага бошпана берган.
Президент Мирзиёев:
«Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти катта», — деди.
Тадбирда Қуролли Кучлар, жамоат ташкилотлари ва нуронийлар иштирок этди. Президент «Хотира нури» ёдгорлигини ҳам кўздан кечирди. Ушбу композиция уруш ва меҳнат фронти қаҳрамонлари хотирасига бағишланган.