Ҳиндистон армияси Покистон ва Покистонга қарашли Oзод Кашмир ҳудудидаги «нишонларга» қарши ҳарбий операция бошлаганини эълон қилди. Ҳужумлар натижасида бири бола бўлган 8 киши ҳалок бўлди, 35 киши яраланди, 2 киши бедарак йўқолгани билдирилди.
Бу ҳақда Ҳиндистон Матбуот ахборот бюроси (ПИБ) расмий баёнот берди. Баёнотда айтилишича, армиянинг ҳаракатлари Покистон ҳамда у назорат қилаётган Oзод Кашмирдаги маълум нишонларга қаратилган.
Операцияда жами 9 ҳудуд мўлжалга олингани, аммо Покистон ҳарбий иншоотларига зарба берилмагани таъкидланган. Паҳалгамдаги ҳужумдан сўнг бу чоралар кўрилгани ва «жавобгарларга нисбатан чоралар кўрилиши» билдирилган.
Ҳиндистон Мудофаа вазири Ражнатҳ Сингҳ «Х» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Ҳиндистон яшасин!» деган пост қолдирди.
Шунингдек, Ҳиндистон армиясининг «Х» ижтимоий тармоғида берилган баёнотда, мамлакат назоратидаги Жамму ва Кашмирнинг Покистон билан чегарадош Бҳимбер Гали ҳудудида Покистон томонидан ўқ узилгани айтилган.
Баёнотда Покистон «Оташкесим келишувини» бузганликда айбланиб, бунга «мувозанатли тарзда жавоб берилиши» қайд этилган.