Ўзбекистонниунг Самарқанд шаҳрида 2026-йилнинг 3 – 6-май кунлари Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг 59-йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда банк расмий саҳифасида маълум қилди. 2010-йилда Тошкент шаҳрида ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон иккинчи марта ОТБнинг йиллик йиғилишига мезбонлик қилади.
Йиғилишда ОТБга аъзо 69 та давлатдан бошқарувчилар, молия вазирлар, марказий банк раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади. Йиғилиш давомида Осиё ва Тинч океани минтақасининг ривожланиш масалалари муҳокама қилинади.
ОТБ президенти Масато Канда 2026-йилги йиғилишнинг минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кўплаб ўзига хос масалаларни муҳокама қилиш учун илҳомлантирувчи платформа бўлишига ишонч билдирди.
ОТБ Ўзбекистоннинг ривожланиш бўйича йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади ва сўнгги беш йил ичида $5,41 млрд миқдорида маблағ ажратган. Банк, шунингдек, яшил иқтисодиётга ўтиш, хусусий секторни ривожлантириш ва инсон капиталига инвестицияларни оширишда яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.