«Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» ги Президент Фармони (ПФ-84-сон, 08.05.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025-йил 15-майдан Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга тақсимланади ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб кўрсатилади.
«Қизил» тоифага – оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар киритилади:
▪️ аъзоларининг камида 1 нафари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган;
▪️ парваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногиронлиги мавжуд фарзанди бўлган;
▪️ ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат бўлган;
▪️ боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила;
«Сариқ» тоифага – оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ҳамда аъзолари соғлиғи ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган оилалар киритилади.
«Яшил» тоифага – оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар киритилади:
▪️ оила «қизил» ёки «сариқ» тоифадан чиқарилган бўлса;
▪️ оиланинг Камбағал оилалар реестрига киритилиши эҳтимоли юқори бўлса.