ДХХ маълумотига кўра, Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларида ер майдонлари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқлангани маълум қилинди.

Сирдарё – Сирдарё вилояти, Сардоба тумани ҳокимлиги ходими фермерга 15 гектар ер майдонини 3 йилга ижарага бериш ва унинг тоифасини ўзгартириш эвазига 360 миллион сўм ҳамда 30 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент – Пойтахтдаги банкнинг икки бўлим бошлиқлари ва яна икки фуқаро 5.99 гектар ер майдонини 455 минг долларга сотишга келишиб, фуқаро қўлидан 85 минг доллар олган вақтида ушланди.

Хоразм (Шовот тумани) – 2 нафар фуқаро туман ҳокимлиги захирасидаги 2500 м² ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 66 минг доллар сўраб, 45 минг доллар ва 130 миллион сўм олган вақтида қўлга тушди.

Хоразм (Янгибозор тумани) – Тумандаги Инвестициялар, саноат ва савдо бўлими мутахассиси «Э-аукцион» орқали ер олиб бериш эвазига фуқаро қўлидан 243 миллион сўм ва 4300 АҚШ доллари олган.

Андижон – Шахслар 30 сотих ер майдонини 27 минг долларга сотиш ва унинг тоифасини ўзгартириш учун 11 600 доллар талаб қилиб, жами 38 600 доллар олган вақтида қўлга олинган.

Фарғона – Ришонлик фуқаро сохта ҳужжатлар орқали ер майдонини ўзлаштириб, тоифасини ўзгартириш эвазига 26 минг доллар олган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.