Покистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик алоқаларда янги босқич бошланган кўринади. Покистон қуролли кучлари бош қўмондони, фельдмаршал Асим Мунирнинг АҚШ Президенти Доналд Трамп билан Оқ Уйда ўтказган яккама-якка учрашуви бу йўналишдаги муҳим бурилиш сифатида баҳоланмоқда.
Покистон ҳарбийларининг баёнотига кўра, 2025-йил июнь ойида бўлиб ўтган мазкур учрашув дастлаб бир соатга мўлжалланган эди, бироқ у икки соатдан ортиқ давом этди. Учрашув расмий тушлик пайтида Кенгашлар залида бошланган ва сўнгра Овал кабинетда давом этган. Бу ҳолат икки давлат ўртасида аввалги йилларда кузатилган дипломатик совуқликдан сўнг илиқлик муҳитининг юзага келаётганидан далолат беради.
Бироқ, экспертлар фикрича, бу илиқлик муқаррар давом этишига тўсқинлик қилаётган иккита асосий геосиёсий омил мавжуд: Эрон ва Хитой.
Покистон бугунги кунда Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусидаги энг муҳим стратегик шерикларидан биридир. Айниқса, CПEC (Хитой–Покистон Иқтисодий Коридори) лойиҳаси доирасида мамлакатга $60 миллиарддан ортиқ инвестициялар йўналтирилган. Покистон бу лойиҳани ўз иқтисодиётининг таянчи ва инфратузилмавий нажоти сифатида кўрса, АҚШ ушбу ташаббусни Хитойнинг минтақавий ва глобал миқёсдаги геоиқтисодий таъсирини кучайтириш воситаси сифатида баҳолайди.
Бундан ташқари, Хитой Покистонга замонавий ҳарбий техника — жумладан, дронлар, қирувчи самолётлар ва сунъий йўлдош технологияларини экспорт қилиб келмоқда. Бу эса АҚШ-Покистон ҳарбий алоқалари чуқурлашувига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, АҚШ Ҳиндистонни ўзининг асосий стратегик ҳамкори сифатида кўриб, минтақадаги кучлар мувозанатини Хитой-Покистон блокига қарши шакллантирмоқда. Покистон эса ҳар икки томон билан тенг масофадаги дипломатик ёндашувни сақлашга уринмоқда.
Яна бир муҳим масала — Эрон омили. АҚШ–Эрон муносабатлари кескин санкциялар, ядро дастури ва минтақавий хавфсизлик таҳдидлари доирасида шаклланаётган бир пайтда, Покистон Эрон билан чегарадош ва минтақавий хавфсизликни мувофиқлаштиришда ҳамкорликка интилмоқда. Балужистон масаласи, чегаравий тўқнашувлар ва диний зиддиятлар мавжуд бўлсада, Исломобод Теҳрон билан дипломатик алоқаларни ёпмай, балки мувозанатли ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бу эса Вашингтон нуқтаи назаридан хавотирли жиҳат сифатида қаралмоқда.
Мазкур геосиёсий манзара шуни кўрсатадики, Покистон айни дамда икки глобал куч – АҚШ ва Хитой ўртасида стратегик мувозанатни ушлаб туришга уринмоқда. Шу билан бирга, Эрон билан яқин минтақавий алоқаларни ҳам сақлаб қолишга интилмоқда. Асим Мунир каби ҳарбий раҳбарлар учун бу ҳолат йирик кучлар босимига дуч келган ҳолда мувозанатли дипломатия юритиш заруратини кескинлаштиради.
Вашингтон ва Пекин ўртасидаги глобал рақобат шароитида Исломободнинг қайси томонни танлаши эмас, балки қандай қилиб икки томон билан бир вақтда манфаатли алоқаларни ушлаб қолиши — келажакдаги ташқи сиёсатининг синов нуқтасига айланмоқда.