Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув органларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашлар сиёсий-ҳуқуқий тизимда тўлақонли субъект сифатида шаклланиб, ҳудудлардаги қарор қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Шу билан бирга, Кенгашлар ваколатларининг кенгайиши уларнинг фаолиятини халқаро тажриба асосида йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Бу, нафақат бошқарув самарадорлигини оширади, балки аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 23-июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030-йилга қадар ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармонида маҳаллий Кенгашларнинг давлат бошқарувидаги роли ва халқаро алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Унда маҳаллий даражадаги органларни:
- халқаро ва минтақавий шерикликда иштирок этиши;
- хорижий лойиҳаларга қўшилиши;
- халқаро ташкилотлар билан доимий мулоқот ўрнатиши каби масалалар устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Бу нафақат ташаббусларни жадаллаштиради, балки, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда янги ёндашувларни татбиқ этиш имконини беради.
Маҳаллий Кенгашлар ҳозирда қуйидаги асосий вазифаларни бажармоқда:
- давлат дастурлари ижросини назорат қилиш;
- қонунларнинг ҳудудлардаги амалий ижросини таъминлаш;
- маҳаллий идоралар фаолияти бўйича ҳисобот эшитиш.
Ушбу функцияларни самарали амалга ошириш учун илғор тажриба ва моделлардан фойдаланиш, хорижий Кенгашлар билан мулоқот ўрнатиш, трансчегаравий масалаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур ҳисобланади.
Масалан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чегараолди инфратузилмани ривожлантириш, санитария, савдо ва сармоя масалалари маҳаллий даражадаги ҳамкорликни талаб этади.
Ҳозирда маҳаллий Кенгашларнинг халқаро алоқалари, асосан, марказий идоралар орқали амалга оширилади. Бу механизм етарли эмас. Шу сабабли Фармонда:
- Кенгашлар учун мустақил халқаро ҳамкорлик ҳуқуқий асосини яратиш;
- халқаро ташкилотларга аъзолик имкониятини кўриб чиқиш;
- грантлар ва хорижий лойиҳаларда тўғридан-тўғри иштирок этиш механизмларини яратиш бўйича топшириқлар берилган.
Бу ўзгаришлар маҳаллий даражада ташаббусларни рағбатлантиради ва «жойдан туриб» амалий ечимлар таклиф этиш имконини яратади.
Бу соҳада жаҳон тажрибаси нима дейди?
• Европа Иттифоқи — «Европанинг Минтақалар Кенгаши» орқали шаҳар ва ҳудудлар ҳамкорлик қилади.
• ОЭCД — маҳаллий бошқарув бўйича форумлар уюштириб, рақамлаштириш ва инклюзив ривожланишни қўллаб-қувватлайди.
• АСEАН — трансчегаравий инфратузилма ва савдо лойиҳалари орқали шаҳарлараро ҳамкорликни таъминлайди.
• БМТ Ҳабитат — шаҳарлар ўртасида барқарор ривожланиш лойиҳаларини мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон маҳаллий Кенгашлари учун ҳам бундай шериклик форматлари янги истиқболлар эшигини очиши мумкин.
Фармонда таъкидланган яна бир муҳим масала маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун халқаро мулоқот, дипломатия, жамоатчилик билан ишлаш бўйича ўқув дастурларини ташкил этишдир.
Бу амалий кўникмалар келгусида Кенгашларнинг ташқи шериклар билан тўғридан-тўғри ва самарали мулоқотини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашларнинг халқаро майдондаги фаол иштироки:
биринчидан, ҳудудларнинг ривожланишини тезлаштиради;
иккичидан, жаҳон тажрибасини миллий амалиётга олиб киради;
учинчидан, глобал ҳамкорлик тармоқларига жалб этилиши натижасида инклюзив, жавобгар ва ҳисобдор маҳаллий бошқарув тизими шаклланади.
Бу эса, Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги муҳим йўналишлардан биридир. Кенгашлар глобал шериклик тармоқларига қўшилса, ислоҳотлар ҳам кенг жамоатчилик иштирокида ва халқаро мезонларга мос амалга оширилади.
Элдор ТУЛЯКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати.