Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Туркияда давом эттириши мумкин.

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, 29 ёшли футболчи «Истанбул Башакшехир» клуби билан музокараларнинг сўнгги босқичига келиб қолган. Туркиялик инсайдер Салим Манаванинг таъкидлашича, турк клуби ҳам футболчининг ўзи, ҳам «Рома» билан келишувга эришган.

Аввалроқ, италияликлар Шомуродов учун 8 миллион еврога яқин миқдорда маблағ талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов ўтган мавсум турли мусобақалар доирасида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 5 та ассистни амалга оширди.