Taftish.uz таҳририятидан судяларга очиқ мурожаат, ҳуқуқий огоҳлантириш ва давлат органларига расмий сигнал
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги процессуал кодекслар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020-йил 21-февралдаги 4-сонли қарори суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашни судялар учун бевосита мажбурият сифатида белгилаган. Мазкур талаблар Конституциянинг Конституция ва қонунлар устунлиги сўзсиз тан олиниши, Конституция тўғридан-тўғри амал қилиши ҳақидаги нормалари (15-модда), шунингдек Конституция принсип ва нормаларига зид талқин ҳамда амалиётга йўл қўйилмаслиги (16-модда) билан ҳам бевосита мустаҳкамланган.
Шунга қарамасдан, Taftish.uz таҳририятига келиб тушаётган мурожаатлар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларининг гувоҳликлари суд амалиётида нафақат суд мажлиси залида, балки суд биносига кириш босқичидаёқ оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқлари қўпол равишда чекланаётганини кўрсатмоқда. Бу эса Конституцияда белгиланган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи (33-модда) ҳамда оммавий ахборот воситалари эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш ва олиш ҳуқуқи кафолатланиши (81-модда) билан зид ҳолатларни юзага келтириши мумкин.
Бу ҳолатлар алоҳида эътибор ва ҳуқуқий баҳолашни талаб қилади.
1. Суд муҳокамаси ошкоралиги — конституциявий принсип
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасига мувофиқ, судялар мустақилдир, бироқ фақат Конституция ва қонунга бўйсунади. Судя мустақиллиги:
Øошкораликни чеклаш,
Ø ОАВни суддан четлаштириш,
Ø жамоатчилик назоратига тўсқинлик қилиш учун ҳуқуқий асос бўла олмайди.
Аксинча, Конституциянинг 15-моддасида Конституция ва қонунлар устунлиги эътироф этилгани, 16-моддасида эса Конституция принсипларига зид талқин ва амалиёт мумкин эмаслиги белгиланган шароитда ошкоралик талабларини четлаб ўтиш “ихтиёрий қарор” сифатида эмас, балки ҳуқуқий тартибга зид ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.
Олий суд Пленумининг 4-сонли қарори 1-бандида суд муҳокамаси ошкоралиги одил судловнинг ажралмас қисми экани очиқ баён этилган. Бу ёндашув Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари эътироф этилиши ва кафолатланиши (19-модда), ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги ҳамда уларни чеклаш фақат қонуний тартибда бўлиши мумкинлиги (20–21-моддалар) ҳақидаги нормалар руҳига ҳам мос келади.
2. ОАВ вакилларини суд биносига киритмаслик — янги ва хавфли амалиёт
Taftish.uz ихтиёридаги маълумотларга кўра, айрим ҳолларда судялар:
Ø очиқ суд мажлисига ОАВ вакилларининг киришини олдиндан тўсиш мақсадида;
Ø журналистлар томонидан илтимоснома тақдим этилишининг олдини олиш учун;
ØИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ходимларига оғзаки ва ёзма кўрсатмалар бериш орқали ОАВ вакилларини суд биносининг ўзига ҳам киритмасликка уринишмоқда.
Ушбу ҳолатлар:
Ø Пленум қарорининг 6-, 16- ва 18-бандларига;
Ø “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга;
Ø “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунга мутлақо зид.
Бундан ташқари, бундай амалиёт Конституциянинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи ҳақидаги 33-моддасига, ОАВ эркинлиги ва унинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланиши ҳақидаги 81-моддасига ҳамда ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлишини белгиловчи 82-моддасига зид оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Судя:
Ø Қўриқлаш ходимига қонунда назарда тутилмаган кўрсатма беришга ҳақли эмас;
Ø Қўриқлаш ходими эса ноқонуний буйруқни бажаришга мажбур эмас.
Бу ердаги масъулият масаласи Конституциянинг 2-моддасида белгиланган “давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган принсип билан ҳам бевосита боғлиқ.
3. Қўриқлаш департаменти ходимлари эътиборига
Суд биносига киришни тартибга солиш:
Ø хавфсизликни таъминлаш,
Ø тартибни сақлаш учун амалга оширилади.
Аммо:
Ø очиқ суд мажлисига келган ОАВ вакилини,
Øтегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган журналистни судя кўрсатмасига таянган ҳолда суд биносига киритмаслик — ваколатдан четга чиқиш ҳисобланади.
Чунки Конституция ахборот олиш ҳуқуқини (33-модда), ОАВ эркинлигини (81-модда) ҳамда цензура ва тўсқинликка йўл қўйилмаслигини (82-модда) кафолатлайди. Бундай вазиятларда хавфсизлик тартиб-таомиллари Конституциявий ҳуқуқларни амалда йўққа чиқариш воситасига айланмаслиги шарт.
Бу ҳолатлар бўйича:
Ø хизмат текширувлари,
Ø ҳуқуқий баҳолаш,
Ø аниқ кўрсатмалар зарур.
4. Аудио ва видео ёзувни чеклаш — фақат ажрим билан
Олий суд Пленумининг 14-бандига мувофиқ:
Ø аудио ва видео ёзув масаласи суд томонидан жойида ҳал қилиниши;
Ø рад этилган тақдирда асослантирилган ажрим чиқарилиши;
Ø ажрим суд мажлиси баённомасига мажбурий киритилиши шарт.
Суд биносига киритмаслик орқали илтимоснома беришнинг ўзини йўққа чиқариш — процессуал ҳуқуқларни қасддан чеклашдир. Бу эса Конституцияда ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги (20-модда), ҳуқуқни чеклаш фақат қонуний ва зарур доирада бўлиши мумкинлиги (21-модда) принсиплари билан ҳам мос келмайди.
5. Ушбу ҳолатлар бўйича масъул органларга расмий сигнал
Taftish.uz таҳририяти юқоридаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши зарурлигини алоҳида таъкидлайди ва (Конституциянинг 15–16-моддаларида белгиланган қонун устунлиги ҳамда 2-моддадаги мансабдор шахсларнинг масъулияти принсипларидан келиб чиқиб):
Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашидан
Øсудялар томонидан ошкоралик принсипининг бузилиши, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари юзасидан интизомий баҳо берилишини;
Ўзбекистон Республикаси Олий судидан
Ø судлар учун қўшимча тушунтиришлар, огоҳлантирувчи кўрсатмалар ва амалий тавсиялар берилишини;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментидан
Øходимларга судялар томонидан берилиши мумкин бўлган ноқонуний кўрсатмаларни бажармаслик, ОАВ вакилларининг қонуний киришини таъминлаш бўйича аниқ хизмат кўрсатмалари ишлаб чиқилишини таъминлашни сўрайди.
6. Якуний хулоса ва огоҳлантириш
Ø Суд муҳокамаси ошкоралигига тўсқинлик қилиш:
Ø суд биносига киритмаслик,
Ø илтимоснома бериш имкониятини йўққа чиқариш,
Øқўриқлаш ходимларидан ноқонуний фойдаланиш орқали амалга оширилса, бу ҳолатлар оғир процессуал қонун бузилиши сифатида баҳоланади.
Пленум қарори тавсия эмас. Уни четлаб ўтиш — жавобгарлик масаласини келтириб чиқаради. Конституцияга кўра ОАВ эркинлиги кафолатланган (81-модда), цензура ва ОАВ фаолиятига тўсқинлик эса жавобгарликка сабаб бўлади (82-модда). Шунингдек, Конституция ва қонунлар устунлиги (15-модда) ҳамда Конституцияга зид талқинга йўл қўйилмаслиги (16-модда) мазкур масалада ҳар қандай “амалий тўсиқ”ларни ҳуқуқий баҳолаш заруратини кучайтиради.
Taftish.uz таҳририяти суд тизимида қонун устуворлиги, ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш йўлида ушбу масалаларни ёритишда давом этади.
Қонун ишлаётган жойда — яширишга эҳтиёж бўлмайди.