Бугун дунё экологик хавфсизлик бўйича огоҳлантирувчи чизиқдан ўтиб бўлган. Айниқса, маиший чиқиндилар ҳажмининг йил сайин ошиб бораётгани инсоният саломатлиги ва атроф-муҳит барқарорлиги учун хавф солмоқда. Бундай ҳолатда чиқиндиларни саралаб йиғиш ва қайта ишлаш — экологик мувозанатни сақлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир.
Ўзбекистон ҳам бу борада сиёсий ва ҳуқуқий қадамлар ташлаган бўлсада, аҳолида чиқиндиларни ажратиш маданияти ҳануз шаклланмаган. Қонун бор, контейнерлар жойлаштирилган, лекин маданият йўқ. Сабаб нима? Ечим борми?
Қонунчилик – мавжуд, аммо назорат суст 2019-йилда қабул қилинган «Қаттиқ маиший чиқиндилар тўғрисида»ги Қонун, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Экологик стратегия, шунингдек «Яшил макон» ва «Яшил иқтисодиёт» дастурлари Ўзбекистонда чиқиндилар билан ишлаш соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Аммо бу ҳуқуқий асослар амалиётда қандай ишлаяпти? Аксарият ҳудудларда чиқиндилар ҳануз бир контейнерга аралаш ҳолда ташланмоқда. Яшил, кўк ёки сариқ рангдаги контейнерлар бор-йўғи безак сифатида ишлатилмоқда, улардан мақсадга мувофиқ фойдаланилмайди. Бу эса қонунчилик билан ҳаёт ўртасида узилиш борлигини кўрсатади. Шунингдек экологик онг ҳали уйғонмаган. Аҳолининг экологик саводхонлиги — чиқиндиларни ажратиш маданияти шаклланишидаги энг асосий омиллардан бири. Афсуски, бу борадаги кўрсаткичлар Ўзбекистонда паст. Аҳолининг катта қисми чиқиндиларни ажратиш нима учун кераклигини, қандай тарзда амалга оширилишини билмайди ёки унга бефарқ қарайди.
Шу сабабли экологик тарбия мактаб ва ОТМларда суст. ОАВ ва блогерлар бу мавзуни етарлича тарғиб қилмаяпти. Натижада, чиқиндиларни ажратиш жамият онгида муҳим бўлган одат эмас, балки қўшимча оворагарчилик сифатида қаралаяпти.
Инфратузилма – ярим йўлда
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, чиқиндиларни ажратиш маданияти ривожланмаслигининг яна бир сабаби — тизимли инфратузилманинг йўқлиги. Хусусан:
Махсус контейнерлар барча маҳаллаларда мавжуд эмас;
Бор жойларда ҳам уларнинг жойлашуви, дизайни ва тушунтирувчи белгилар етарли эмас;
Чиқиндиларни саралайдиган ва қайта ишловчи заводлар сони кам, уларнинг қуввати эса чекланган;
Қайта ишлаш тизими иқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилмаган.
Энг ачинарлиси — одамлар ажратиб ташлаган чиқиндиларни кўп ҳолларда йиғувчи ташкилотлар яна аралаштириб олиб кетишади. Бу эса аҳолининг ишончини синдиради.
Шунга қарамай, умид уйғотадиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Тошкент, Самарқанд, Андижон каби шаҳарларда айрим маҳаллалар ва мактаблар чиқиндиларни саралаб йиғиш амалиётини бошлаган.
Ёшлар ва ННТлар фаоллиги эътиборга лойиқ. Шунингдек, айрим блогерлар ҳам чиқиндиларни саралаш бўйича фойдали контентлар яратмоқда.
Буларнинг барчаси – ижобий кўрсаткичлар, лекин улар умумий тизимни қамраб олишдан ҳали йироқ.
Таҳлил асосида чиқиндиларни ажратиш маданиятини ривожлантириш учун қуйидаги амалий таклифларни илгари суриш мумкин: Маҳаллий ҳокимиятлар фаоллигини ошириш – контейнерлар ўрнатилиши ва уларнинг тўғри ишлатилиши устидан жиддий назорат ўрнатиш. Аҳолини рағбатлантириш – чиқиндиларни ажратганлар учун чегирма, бонус ёки бошқа ижтимоий имтиёзлар бериш.
Ахборот ва тарғибот кампаниялари – ижтимоий тармоқларда, телевизорда, жамоат жойларида экологик маданиятни оммалаштириш. Қайта ишлаш саноатини ривожлантириш – инвесторлар учун имтиёзлар бериш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш. Ўзбекистонда чиқиндиларни ажратиш маданияти ҳали шаклланиш босқичида. Расмий ҳужжатлар мавжуд, аммо амалиётда кўплаб муаммолар бор. Бу масала ягона ташкилот ёки тизим зиммасида эмас — ҳар бир фуқаронинг экологик масъулияти, давлатнинг қатъий сиёсати ва жамиятнинг фаол иштироки орқали ҳал этилиши мумкин. Ахир, тоза келажак – бугунги ҳаракатдан бошланади. Чиқиндиларни ажратиш эса шунчаки жараён эмас, бу – маданият, масъулият ва келажак авлод олдидаги бурчдир.
Нурхон РАИМБОЕВА