Home Yangiliklar Энергетика вазирлиги, “ваъда”ларни охири борми?

Энергетика вазирлиги, “ваъда”ларни охири борми?

0

Бугунги мавзу – электр энергиясидаги узилишлар ҳақида.

Aҳолига турли хил оммавий ахборот воситалари ва мобил СМС орқали 6-8 июль кунлари мамлакатимизда иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилиши ҳақида Ўзгидромет хабар берди. Табиийки, аҳолининг барча қатлами бунга руҳан ва жисмонан тайёрлана бошлашди. Юқоридаги битта мана шу хабардан Ҳукуматимиз ўз аҳолиси саломатлиги ва хотиржамлиги учун қанчалик жиддий қайғуриши яққол кўриниб турибди. Бу барчамизни хурсанд қилади, албатта.

Лекин, шу кутилган саналарда кўнгилларимиз анчагина хиралашди. Сабаби, ушбу иссиқдан сақланиш учун, аввало, иложи борича кўчага камроқ чиқамиз ҳамда салқинлик берувчи маиший техникалардан фойдаланамиз. Минг афсуски, шундай техника бир маромда ишлаши учун зарур бўлган энг оддий электр энергияси тармоқда мавжуд бўлмаса, дардингни кимга айтасан?

Юртимизнинг бошқа ҳудудларини қўятуринг, 6-7 июл кунлари пойтахтимиз Тошкентда ҳам электр энергияси олдиндан огоҳлантиришларсиз вақти-вақти билан тармоқдан узиб қўйилиши кузатилмоқда. Aгар фойдаланувчи ва электр энергиясини етказувчи ўртасидаги ўзаро шартномани ҳижжалаб ўқисангиз электр етказиб берувчи олдиндан огоҳлантириш бериб кейин электрни узиши ҳақида белгиланган.

Нега энди мана қоидага амал қилинмаяпти?

Нега аҳоли электр энергиясига пул тўлайди-ю ундан ўз вақтида, сифатли ва узлуксиз фойдалана олмайди?

Нега етказиб берувчига ўз вазифасини бажармаганлиги учун бирор марта ҳам истеъмолчи фойдаси учун чора кўрилмайди, нари борса узр сўраш ёки битта тушунтириш билан чекланади?

Нега қонунларимизда фуқароларга ҳам бу борада қилган айбига тушунтириш бериш ёки узр сўраш амалиёти қўлланилмайди?

Aхир 4-5 ойгина аввал Энергетика вазиримиз Президентимизга “Бу йил қишда ҳам, ёзда ҳам електр ўчмайди” деб ваъда берган эди. Яқингача электр нархи жаҳон нархидан паст дейишди ва бирданига суммани кўтаришди. Aйнан мана шу электр тармоғидаги узилишлар боис ҳаттоки узоқ 40 йилдан ошиқ даврдаги фаолиятида деярли тўхтамаган Тошкент метросида ҳам 7 июль куни қатор ноқулайликлар юзага келди.

Юқорида ёзганларимиз билан нима демоқчимиз, қаердадир кутилмаган ҳолат юз бериши ёки об-ҳавонинг кескин исиши ёки совуши каби, тўғриси, “куракда турмайдиган” сабабларни рўкач қилиб, ҳеч қандай аввалдан огоҳлантиришларсиз электрни узиб қўйиш ярамайди. Чунки махсус вазирлик даражасига олиб чиқилган соҳада бундай фавқулодда ҳолатлар учун захира вариантлар ҳар доим тайёр туриши керак.

Ваҳоланки, ҳурматли Энергетика вазирлиги жамоаси, аҳоли сизларнинг барча талабларингизни бажариб келмоқда – электр учун олдиндан тўлов қилиш, қарздорликни вақтида бартараф этиш каби ва ҳоказолар. Энди сизлар томондан ҳам ҳар бир огоҳлантирмасдан электр ўчирилган вақт учун барча фойдаланувчиларга компенсация тўлаш вақти келмадимикан?

Жалолиддин Румийнинг ажойиб гапи бор – “Ё аслинг каби кўрин, Ё кўринганинг каби бўл”. Энергетика вазирлиги жамоаси, сизлар ҳам худди шу гапга амал қилиб иш фаолиятингизни амалга оширишингизни сўраб қоламиз.

Taftish.uz жамоаси – давр билан ҳамнафас, сиз билан бирга.

Жуманазар Тошбоев

Previous articleSamarqandda 18 yoshli yigit internetdagi o‘yinda katta miqdorda pul yutqazib, o‘zini osib qo‘ygani aniqlandi
Next articleНоқонуний ишдан бўшатилган ҳамшира ишга тикланди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here