Home Shou-biznes Илм-фан ютуқлари тараққиётнинг муҳим омилидир

Илм-фан ютуқлари тараққиётнинг муҳим омилидир

0

1970 йил 26 апрель куни Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тўғрисидаги Конвенция кучга кирди. Унга кўра, интеллектуал мулк, яъни илм-фан, таълим, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиролар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари ва бошқа шунга ўхшаш объектлар расман рўйхатга олиниб, ҳимоя қилинадиган бўлди. Орадан тўрт йил ўтиб, унга БМТнинг махсус ташкилоти мақоми берилди. 2000 йилдан бошлаб эса, 26 апрелни Халқаро интеллектуал мулк куни сифатида нишонлашга қарор қилинди.

Маълумки, XXI асрга келиб илм-фан тараққиёти шунчалик тезлашдики, бугун нафақат ишлаб чиқаришни, балки кундалик ҳаётимизни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Биргина компьютер, қўл телефони, айниқса, Интернет тармоғи имкониятинисанаб адоғига етиш қийин. Шу маънода, бугун интеллектуал мулк ҳар қандай давлатнингтараққиётини белгилайдиган энг муҳим омилга айланди. Шу боис, дунё ҳамжамияти интеллектуал мулк ва унинг савдосидан катта миқдорда даромад кўрмоқда.

Ҳозирда дунёнинг 180 дан ортиқ давлати Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон 1991 йилда ташкилот кирган ва ўтган йиллар давомида унинг доирасидаги ўнлаб конвенция, шартнома ва битимларга қўшилди.

Мамлакатимизда интеллектуал салоҳиятдан фойдаланиш ва ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча тармоқ ва соҳаларни дунё илм-фани ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жадал ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. 2019 йилдан бошлаб эса Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва унинг ваколати янада кенгайтирилди.

2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Бу бўйича қабул қилинган Давлат дастурида илм-фан, интеллектуал ижод ва инновацияни ривожлантириш, ёшларга чуқур билим, юксак маънавият эгаси этиб таълим-тарбия бериш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тизимида интеллектуал мулкни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида яқинда “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳада интеллектуал мулкни давлат рўйхатидан ўтказишга тезкор экспертизани жорий этиш, рўйхатдан ўтказиш муддатини қисқартириш, муаллиф вафотидан кейин муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя муддатини 50 йилдан 70 йилга ошириш тўғрисидаги меъёрлар киритилган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастурида муаллифлик ҳуқуқи, интеллектуал мулк ва уларга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш, асосий электорати бўлган зиё аҳлини қадрлаш, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаган. Шу маънода, партия фракцияси ижодкорлар, интеллектуал мулк эгаларининг фаолиятини муҳофаза этувчи қонунларни янада такомиллаштириш тарафдори ва уларнинг амалий ижросини таъминлашни доимо назорат қилиб боради.

 

Ғайрат САФАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси

Previous articleDunyo bo‘yicha koronavirusga qarshi qo‘llanilgan vaksinalar soni 900 million dozaga yaqinlashdi
Next articleШофиркон туманидаги тартибсиз бозор ва ундаги жанжалкашлар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here