Home Shou-biznes Президент ректорларни қаттиқ огоҳлантирди

Президент ректорларни қаттиқ огоҳлантирди

0

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги видеоселектор йиғилишида яна бир бор олий ўқув юртлари ректорлари зиммасидаги масъулият ҳақида тўхталди.

Давлат раҳбари олий таълим муассасалари ён-атрофидаги маҳалла ёшлари билан ишлашда ректорларнинг ўрни умуман сезилмаётганини қаттиқ танқид қилди.

– Ректорларнинг бу борада берган таклифлари менга маъқул эмас. Бирортаси ўз ҳудудида маҳаллагача тушиб, ёшлар тарбияси, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббус билдирмаган. Қайси ректор ётоқхонага бориб ёки бўш ётган маданият марказларида ёшлар билан учрашди, улар билан мулоқотни йўлга қўйди, мотивация бериш, ҳаётда ўз йўлини топиш ва маданий тадбирларни ташкил этди? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб йўқ! Ректор илмий ходим бўлса бориб лабораторияда ишласин, лекин ректорлик қилиши учун у замонавий тадбиркор, ташкилотчи бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Фарғона давлат университети (Мақсудов), Самарқанд қурилиш (Аҳмедов), Қўқон педагогика (Отажонов) институтлари ректорлари ва Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали директори (Олимов)ни лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилди.

Бошқа ректорлар қатъий огоҳлантирилди.

Давлат раҳбари энди бу борада мутлақо янги тизим яратилишини таъкидлади. Ҳар бир олий ўқув юрти ён-атрофидаги камида 5-10 тадан шаҳар маҳалласи учун “маънавият маркази” ва “маданият ўчоғи” бўлиши кераклиги қайд этилди.

Олий ўқув юртлари атрофидаги маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш топширилди.

Шунингдек, ўзларига бириктирилган маҳалладаги “ёшлар дафтари”даги ёшлар учун олийгоҳларга кириш бўйича бепул тайёрлов курсларини ташкил этади.

Бундан ташқари, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш учун, юқори курсларда ўқийдиган 2 нафар намунали талаба 1 нафар уюшмаган ёшнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдамлашади.

Ушбу тизим орқали 135 та олийгоҳ ўртача минг нафардан ёшларни қамраб олганда ҳам, камида 100 минг нафар ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмак бўлади.

– Шу тизим йўлга қўйилса, шаҳарларда вазият албатта ўзгаради, адашган ёшлар сони кескин камаяди, – деди давлат раҳбари.

Манба: ЎзА

Previous articleЎзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида
Next articlePrezident o‘tkazayotgan yig‘ilishda 4 ta OTM rektori “uchdi”

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here